Жорий йилнинг 14-феврал куни Иқтисодиёт ва молия вазирлигида Халқаро Молия Корпорацияси (ХМК)нинг Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Вибке Шлёмер ҳамда вазирнинг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда, шунингдек, Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш ва давлат функцияларини қисқартириш департаменти директори Зокир Бозоров ҳамда Хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик, халқаро рейтинглар билан ишлаш департаменти директори ўринбосари Шуҳрат Маткаримовлар иштирок этди.

Меҳмон томондан ХМКнинг Марказий Осиё бўйича минтақавий менежери Кассандра Колберт, ХМКнинг Ўзбекистон Республикасидаги ваколатхонаси раҳбари Зафар Хашимов ва бошқалар иштирок этди.

Учрашувнинг асосий мавзуси сифатида ХМК кўмагида давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини ривожлантириш доирасидаги ҳамкорликнинг кейинги режаларини муҳокама қилинди.

Даставвал, томонлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022-йил 21-декабрдаги ПФ-269-сонли “Янги Ўзбекистоннинг маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ амалга оширилаётган маъмурий ислоҳотларнинг боришини, шунингдек, Республика раҳбарияти томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар нуқтаи назаридан иқтисодиёт ва молия вазирлиги олдига қўйилган вазифалар доирасини муҳокама қилдилар.

ХМК ва корпорация томонидан мамлакат иқтисодиётининг устувор тармоқларига хусусий капитални жалб этишда кўрсатилаётган ёрдамнинг роли, шунингдек, ўзаро манфаатли ҳамкорликни давом эттириш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.

Бундан ташқари, томонлар соғлиқни сақлаш, таълим ва энергетика каби соҳаларда ДХШ лойиҳаларини амалга ошириш жараёнини муҳокама қилдилар.

Шунингдек, Ўзбекистон томонига ХМК гидроэнергетика соҳасида хусусий сектор билан ҳамкорлик қилаётгани ҳақида маълумот берилди.

Томонлар соғлиқни сақлаш ва таълим бўйича лойиҳаларни амалга ошириш, хусусан, мамлакатимизнинг турли ҳудудларида мактаблар ва кўп тармоқли клиникалар қуриш жиҳатларига алоҳида эътибор қаратдилар.

Учрашув якунида томонлар юқоридаги йўналишлар бўйича қўшма ҳамкорликни давом эттириш ва ўзаро манфаатли лойиҳалар кўламини кенгайтиришга келишиб олдилар.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати