Жорий йилнинг 15-март куни Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Гулнора Рахимова ҳамда Осиё Тараққиёт банкининг (ОТБ) Ўзбекистон Республикасидаги доимий ваколатхонаси директори Энрико Пинали бошчилигидаги делегация вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Муҳокамада Давлат – хусусий шерикликни ривожлантириш ва давлат функцияларини қисқартириш департаменти директори ўринбосари Зокир Бозоров, меҳмонлар томонидан ОТБнинг Давлат-хусусий шериклик (ДХШ) бўйича маслаҳат бўлими директори Такео Коике, ДХШ бўйича мутахассислар Давал Жамб, Мибо Ахн, Каролин Жолин Сан ҳамда ДХШ бўйича кординаторлар Ботогас Ваиссова, Баходир Ахмедов иштирок этишди.

Гулнора Рахимова, Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари

Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Гулнора Рахимова томонидан меҳмонларга Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни давом эттириш мақсадида “Инсон қадри учун” тамойилига асосланган 2022-2026-йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини фаол амалга ошириш юзасидан маълумот берилди.

Учрашув кун тартибидаги асосий мавзуси Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ДХШ лойиҳалари бўлди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва Молия вазирлиги ДХШларни ривожлантириш департаменти ва ОТБ билан ҳамкорликда 12 та ДХШ лойиҳасини турли босқичларида амалга оширилмоқда. Улардан энергетика соҳасида– 4 та; соғлиқни сақлаш соҳасида – 1 та; коммунал хизматларда– 4 та; таълим – 2 та ва экология соҳасида – 1 та лойиҳа.

Такео Коике, ОТБнинг ДХШ бўйича маслаҳат бўлими директори

“Ўтган йилги ДХШ лойиҳалари халқаро ҳамжамият томонидан юқори баҳолангани жуда муҳимдир. Умид қиламизки, бу йил ишлаб чиқиладиган лойиҳалар ҳам юқори мукофотларга сазовор бўлади” – деди ОТБнинг ДХШ бўйича маслаҳат бўлими директори Такео Коике.

Маълумот учун: 2022-йил, 19-май куни Ўзбекистон “The Partnerships Awards” “йил тарғиботчиси” номинациясида ғолиб бўлган.

Шунингдек, ОТБ вакиллари Ҳукуматга мамлакатнинг ДХШ тўғрисидаги қонунини илғор халқаро тажрибага мувофиқ қайта кўриб чиқишда ва инфратузулмада хусусий сектор иштирок этиши учун янада кучлироқ қулай муҳит яратишда ёрдам беришга тайёр эканлигини маълум этишди.
Учрашув якунида томонлар юқоридаги йўналишлар бўйича қўшма ҳамкорликни давом эттириш ва ўзаро манфаатли лойиҳалар кўламини кенгайтиришга келишиб олдилар.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бошқармаси