Бугун, 29 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Халқаро молия корпорацияси билан ҳамкорликда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида давлат-хусусий шерикликни (ДХШ) ривожлантириш мақсадларига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди. Тадбир давлат органлари вакиллари, маҳаллий ва халқаро молия институтлари экспертлари ва инвесторларни ДХШ тизимини такомиллаштириш бўйича мазмунли мулоқотда иштирок этиш учун жамлади.
Давра суҳбати ҳукумат томонидан қўйилган долзарб мақсад ва вазифалар, халқаро молия институтларининг тавсиялари ва ДХШ қонунчилигига киритилган жорий ўзгаришлардан келиб чиқиб ДХШ соҳасининг Ўзбекистондаги ўзгарувчан эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда ташкил этилди. Тадбир ДХШ лойиҳалари учун янги секторларни аниқлаш бўйича ҳар томонлама фикр алмашиш, ғоялар ва стратегияларни илгари сурди, бунда ДХШ лойиҳаларининг самарадорлигини ошириш ва рақамлаштиришни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Асосий маърузачилар ва сессиялар
Давра суҳбати давомида мамлакатимизнинг давлат-хусусий шериклик йўналишидаги салмоқли ютуқлари қайд этилди. Жумладан, 2022 йилдан ДХШ келишувлари сони 312 тадан 1018 тага, қиймати эса жами 17 миллиард АҚШ долларига етди.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида аҳоли жон бошига ЯИМ ва даромадни сезиларли даражада оширишга қаратилган улкан мақсадлар алоҳида таъкидланди. Давлат-хусусий шериклик давлат хизматларини кўрсатишни такомиллаштириш учун 2030 йилга қадар 30 миллиард АҚШ долларини сафарбар қилишнинг асосий воситаси ҳисобланади. Бундан ташқари, турли соҳаларда ДХШ лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва ушбу лойиҳаларни тайёрлаш механизмини яратиш бўйича саъй-ҳаракатлар қайд этилди. Шунингдек, хусусий сектор инвестицияларини жалб қилиш учун меъёрий-ҳуқуқий ва институтсионал базани ишлаб чиқиш муҳимлиги таъкидланди.
Муҳокама давомида ДХШ дастурининг молиявий барқарорлигини таъминлаш ва ДХШнинг иқтисодий ўсишини рағбатлантиришнинг энг муҳим омили сифатида мамлакатнинг иқтисодий стратегиясига интеграция қилиш учун мустаҳкам фискал базага эҳтиёж мавжудлиги таъкидланди.
Тадбирда нуфузли халқаро ташкилотлардан маърузачилар иштирок этди ва кенг кўламли мавзуларни қамраб олди, жумладан, ҳукуматнинг қарашлари, халқаро молия институтларининг фикр-мулоҳазалари ва лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш бўйича ғоялар, ҳукуматнинг ислоҳотлар ва сиёсатни такомиллаштиришга содиқлигини намойиш этилди.
Натижалар ва келажак учун йўналишлар
Давра суҳбати 2030 йилда белгиланган стратегик мақсадларга эришиш учун Ўзбекистон ДХШ дастурини мустаҳкамлаш муҳимлиги юзасидан консенсус билан якунланди. Иштирокчилар давлат ва хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорликни давом эттириш, ДХШ лойиҳаларини тайёрлаш учун молиявий ресурслардан фойдаланишни яхшилаш ва улар учун янада қулай меъёрий-ҳуқуқий муҳитни яратиш зарурлигини таъкидлади.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ишончли ҳамда барқарор ДХШ лойиҳаларини ишлаб чиқишни рағбатлантириш мақсадида давра суҳбатида олинган ғоя ва тавсияларни ҳаётга татбиқ этиш ниятида. Ушбу ташаббус мамлакатимизнинг самарали давлат-хусусий шериклик орқали иқтисодий ўсишини, инноватсияларни ва инфратузилмани ривожлантиришга интилишидан далолатдир.
Якунда мазмунли муҳокамалар ва тақдимотлардан сўнг Ўзбекистонни ривожлантиришнинг стратегик мақсадларига эришиш йўлида салмоқли қадам қўйилганидан далолат берувчи қатор муҳим шартномалар имзоланди.