Жорий йилнинг 16-март куни Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Гулнора Рахимова Тожикистон Республикаси Энергетика ва сув ресурслари вазирининг ўринбосари Манучеҳр Сафарзода бошчилигидаги делегация вакиллари билан учрашув ўтказди.
Учрашувда Тожикистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия қўмитаси вакили Азиз Ғиёзода, Давлат энергия назорати хизмати бошлиғи Ғолиб Убайдуллозода, Тожикистон Республикаси Президенти офисининг Стратегик ислоҳотларни бошқариш сектори раҳбари Ҳусрав Ғаниев, Жаҳон банки гуруҳининг Энергетика бўйича катта мутахассислари Ирина Воитеҳовитч ва Мануел Санчез ҳамда бошқа масъул вакиллар иштирок этди.
Мулоқот давомида томонлар мамлакатимизда давлат хусусий-шериклиги соҳасида амалга оширилаётган лойиҳалар, хусусан, мактаб ва боғчалар, соғлиқни сақлаш бинолари, энергетика иншоотларини қуриш соҳаларидаги лойиҳалар, уларнинг техник параметрлари, лойиҳаларни ҳаётга татбиқда этиш босқичлари, соҳада рақобатбардошлик ва шаффофликни ошириш юзасидан фикр алмашди.
Суҳбатда меҳмонлар энергия самарадорлигини ошириш мақсадида амалга оширилаётган қуёш электр станцияларини ташкил этишдаги ДХШ лойиҳалари, уларнинг норматив-ҳуқуқий базасини шакллантириш, молиялаштириш йўналишлари, лойиҳаларда консалтинг хизмат кўрсатиш бўйича Ўзбекистон тажрибаси билан танишди.
Учрашув сўнгида томонлар давлат-хусусий шериклиги соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда ушбу йўналишда фикрлар алмашинув жараёнларини кенгайтиришга келишиб олдилар.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бошқармаси