Ўзбекистон Республикаси президентининг “Ўзбекистон Республикаси аҳоли пунктларида телекоммуникация инфратузилмасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори мамлакатимизда телекоммуникация инфратузилмасини модернизация қилиш ва кенгайтириш бўйича кўрилаётган комплекс ташкилий-техник чоралар телекоммуникация хизматларининг сифатини яхшилаш ва турларини ошириш, шу жумладан мобил алоқа қамровини кенгайтиришга имкон бермоқда. Шу билан бирга, олис ва қишлоқ аҳоли пунктларида, туристик ва рекреацион ҳудудларда, магистрал автомобиль ва темир йўллари бўйида телекоммуникация инфратузилмасини, шунингдек, Интернет тармоғига симсиз кенг полосали уланиш тармоқларини ривожлантириш суръатлари етарли эмас.

             Шу мақсадда Ўзбекистон ҳукумати Жаҳон банкининг дастури асосида ушбу соҳани янада ривожлантириш ва мавжудларини такомилаштириш бўйича ҳамкорлик алоқларни йўлга қўйган. Молия вазирлиги, Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги ва Жаҳон банки мутахассисларидан иборат делегация «Digital Casa» дастури асосида давлат-хусусий шериклиги лойиҳаларини амалга ошириш бўйича муҳокамалар олиб борди. Жаҳон банки мутахассисларининг қайд этишича лойиҳанинг умумий қиймати 178 млн АҚШ долларини ташкил этади.

                Учрашувда қайд этилганидек  мазкур дастур асосидаги лойиҳа  5 та компанентни ўз ичига қамраб олади. Муҳокамаларда томонлар лойиҳани амалга оширувчи гуруҳга IT соҳасида катта билим ва тажрибага эга мутахассис ва экспертларни жалб қилиш масаласини кўриб чиқишди.

            Шу ўринда дастур асосида Давлат-хусусий шериклиги лойиҳаларини ҳаётга тадбиқ этишнинг самардорлиги ва афзалликлари юзасидан фикр алмашилди. Томонлар дастур асосида ДХШ лойиҳаларини амалга ошириш мумкин бўлган йўналишлар бўйича музокара ўтказди. Жаҳон банки ДХШ асосидаги лойиҳаларни бошлашга тайёр эканликларини қайд этишди.

         Шунингдек учрашувда ушбу соҳадаги ишларни жадаллаштириш мақсадида аниқ йўл харитасини ишлаб чиқиш лозимлиги ва бу жараён яқин вақтда ниҳоясига етиши кераклиги қайд этилди. Айни йўналишдаги барча маълумотлар батафсил ўрганиб чиқилгач, лойиҳа-бахолаш хужжати тайёрланади. Ушбу хужжат тасдиқлангач 2020 йилнинг январь ойидан лойиҳа-бахолаш хужжати асосида ишлар бошланади.