Инновация, ахборот алмашинуви шиддат билан ривожланиб бораётган хозирги кунда тиббиёт тизими олдига ҳам даврга мос тарзда иш фаолиятини олиб бориш, беморларга энг сўнги тиббий жихозлар ёрдамида хизмат кўрсатиш талабини қўйлмоқда.

         Республикамиз тиббиёт тизимига маҳаллий ва хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш ҳамда тиббий хизматнинг самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат-хусусий шерикликни (ДХШ) ривожлантириш агентлиги Халқаро молия корпорацияси кўмагида республикада гемодиализ хизмати марказларини барпо этиш лойиҳасини амалга ошириб келмоқда.

       Ушбу лойиҳа хаётга самарали жорий этиладиган бўлса, ушбу марказ орқали кўплаб беморлар халқаро стандартларга жавоб берадиган диализ хизматларидан фойдаланиш имконига эга бўлишади. Айни вақтда ушбу лойиҳанинг тендер босқичи амалга оширилмоқда. ДХШ агентлиги мутахасисслари мазкур лойиҳани хар томонлама пухта режа асосида ишлаб чиқиш ва самарадорлигини ошириш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахасисслари билан семинар тренинглар ўтказиб, лойиҳа концепциясини ишлаб чиқди. Гемодиализ клиникасини ДХШ асосида ривожлантириш учун 10 дан ортиқ йирик хорижий инвесторлар қизиқиш билдирган. Қайд этиш керакки Халқаро молия корпорацияси ушбу лойиҳанинг асосий маслаҳатчиси сифатида иштирок этмоқда.

      Бундан ташқари Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан хамкорликда маҳаллий инвестор томонидан илгари сурилган стерилизация хизматини ДХШ асосида лойиҳалаштириш ташаббуси ўрганиб чиқилмоқда. Республикада стерилизация хизматини жорий қилиш жихозлардан юқиши мумкин бўлган кўпгина касалларикларни олдини олади.  

     Бугунги кунда Ўзбекистон тиббиёт тизимида долзарблик касб этиб турган онкология йўналишида ДХШ асосидаги лойиҳани амалга ошириш юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан таклифлар келиб тушган. Барчамизга маълуки ДХШ лойиҳаларни танлаш тендер асосида амалга оширилади ва бу борада тендерда қатнашиш истагини билдирувчи дунёнинг йирик корхоналари Ўзбекистондаги инвестиция имкониятларига қизиқиш билдирмоқда. Жумладан, онкология соҳасидаги ДХШ лойиҳасини амалга ошириш бўйича Европанинг йирик компаниялари қизиқиш билдирмоқда. ДХШ агентлиги ва вазирлик мутахасисслари айни вақтда бу ва бошқа кўплаб лойиҳаларни таҳлил қилиб, ДХШ лойиҳасининг қайси шаклига мослиги ва унинг ижтимоий-иқтисодий афзаллиги юзасидан муҳокамалар ўтказмоқда. Агентлик мутахасисслари ва Осиё тараққиёт банки консультантлари айни йўналишдаги ҳар бир жараённи мукаммал ўрганмоқда.

     Бундан ташқари, пойтахтимизда айрим шифохоналарни тез орада маҳаллий инвестор ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамкорлигидаги ДХШ лойиҳасига айлантириш режалаштирилган. Масалан, улар орасида инсультдан кейинги реабилитация маркази бўлиши режалаштирилаётган лойиҳа ҳам бор. Агар лойиҳа амалга ошириладиган бўлса ушбу марказда 200 нафар бемор реабилитация хизматларини олиш имконига эга бўлади.

        ДХШ агентлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахасисслари ушбу лойиҳани ДХШнинг (DBRFOM – лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкциялаш, молиялаштириш, эксплуатация қилиш ва бошқариш) шаклига мослигини аниқлаб, лойиҳага қўйиладиган талабларнинг аниқлиги юзасидан тахлиллар олиб боришмоқда. Лойиҳаларнинг амалга оширилиши  доимий равишда шартнома томонларнинг мажбурияти ва талабларнинг  бажарилиши юзасидан мониторинг амалга оширилади.

         Республикамизнинг учта вилоятида марказлашган лаборатория хизматини кўрсатиш бўйича таклиф қилинган лойиҳа бўйича хам ишлар олиб борилмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу ташаббусни ҳаётга тадбиқ этиш бўйича айни вақтда ДХШ агентлиги билан лойиҳанининг ҳар бир жараёнини пухта ўрганиб чиқишни бошлаган.

         Умуман олганда Ўзбекистон тиббиёт тизимида ДХШ асосидаги лойиҳаларнинг кўлами кенгайиб бориши режалаштирилмоқда. Улар орасидан аҳоли фаровонлигига хизмат қилувчи ва ижтимоий аҳамияти юқори бўлган лойиҳаларгина ДХШ асосида ўз фаолиятини тез фурсатда бошлаш арафасида турибди.