Энергетика вазирлигида ОТБ билан давлат-хусусий шерикчилиги (ДХШ) шартлари асосида умумий қуввати 1000 МВт.гача бўлган ҳамда тахминий лойиҳа қиймати 800 млн. АҚШ долларига тенг бир қатор фотоэлектр станцияларини қуриш бўйича маслаҳат хизматларини кўрсатишга доир битим имзоланди.

      100 МВт қувватли фотоэлектр станциясини қуриш бўйича биринчи синов лойиҳасини амалга ошириш жойи сифатида (ушбу битимга кўра) Сурхондарё вилоятининг Шеробод тумани танланган. 

      ОТБ ушбу битимга мувофиқ, маслаҳатчи сифатида иш юритади, лойиҳанинг концепцияси, молиявий модели, лойиҳавий-баҳолаш ҳужжати (ТЭО), электр энергияни харид қилиш тўғрисидаги битим (RFQ) тайёрланишини ташкиллаштиради ҳамда энергетика соҳасидаги етакчи мутахассисларни жалб этган ҳолда халқаро тендерни ўтказади. 

 

        Ушбу лойиҳа Энергетика вазирлиги томонидан ОТБ, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, ДХШ ривожлантириш агентлиги кўмагида ва мувофиқлаштирилиши ёрдамида амалга оширилади. Лойиҳа амалга оширилишининг бошланиши 2021 йилга мўлжалланмоқда.

      Қайд этилишича, 2030 йилгача ДХШ бўйича қатор йирик лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган. Бунда уларнинг асосий қисми қайта тикланадиган энергия манбалари (ҚЭМ)га тўғри келади. Шу жумладан, республиканинг бир нечта ҳудудида қуввати 5 ГВт.гача бўлган фотоэлектр станциялари ва қуввати 1,7 ГВт.га тенг шамол электр станциялари, шунингдек, Сирдарё вилоятида қуввати 2,6 ГВт.га тенг иссиқлик электр станциялари қурилиши бўйича лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган.

      Санаб ўтилган лойиҳаларни тайёрлаш ва амалга оширишга сарфланадиган харажатларнинг асосий қисми ХМК томонидан, шу билан бирга, бюджет ҳисобидан тўланадиган харажатларнинг бир қисми тендер ғолиби томонидан қопланади.